Факс: +998(71)241-97-74

Телефон: +998(71)241-26-51

“Ялпи геологик тасвирлаш, излаш экспедицияси” Давлат корхонаси

УСТАВИ

I. Умумий қоидалар

1.1. “Ялпи геологик тасвирлаш, излаш экспедицияси ” Давлат корхонаси (бундан кейин – Корхона) “ Геология қидирув ишларини ташкил этиш ва амалга ошириш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 28 августдаги ПҚ -1396 – сонли қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитасининг (бундан кейин-“Давгеолқўм”) 2010 йил 17 сентябрдаги 123-сонли буйруғига асосан ташкил этилган бўлиб, унинг таркибига киради.

1.2. Корхона давлат унитар корхонаси шаклидаги тижорат ташкилоти ҳисобланиб, алоҳида мулкига, ўз мустақил балансига, банк ҳисоб рақамларига, шу жумладан валюта ҳисоб рақамларига, штамплари ва бланкларига, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган, ўзининг фирма номи давлат тилида ёзилган муҳрга эга.

1.3. Корхонанинг фирма номи:

тўлиқ – “Yalpi geologik tasvirlash, izlash ekspeditsiyasi” Davlat korxonasi

қисқача – “Yalpi GTIE” DK

1.4. Корхона ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексига, Ўзбекистон Республикаси Қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонларига, қарорларига, фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига ҳамда бошқа меъёрий– ҳуқуқий ҳужжатларга, Давгеолқўм буйруқларига, фармойишларига ва мазкур Уставга амал қилади.

1.5. Корхона оператив бошқариш ҳуқуқлари асосида алоҳида мулкига, ўз номидан қонунда белгиланган тартибда мулкий ва шахсий номулкий ҳуқуқларга эгалик қилиш, вазифаларини бажариш, судда даъвогар ва жавобгар бўлиш ҳуқуқига эга.

1.6. Корхонанинг бошқарув девони қуйидаги манзилда жойлашган: 100000 г. Ташкент, ГСП, ул. Навои, 7А.

2. Корхона фаолиятининг мақсад ва вазифалари

2.1. Корхона фаолиятининг вазифаси ер қаърини геологик ўрганишга доир ялпи тизимли тадқиқотлар, башорат тадқиқотларини, регионал геологик ўрганиш, геологик тасвирлаш, махсус илгарилама излаш ишларини ҳамда қаттиқ номаъдан фойдали қазилмалар ва қора металлга оид геология-қидирув ишларининг бутун комплексини ва лаборатория –таҳлилий, технологик тадқиқотларини амалга оширишдан иборат.

2.2. Корхона фаолият мақсадига мувофиқ унинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

геологик салоҳиёти ва башорат ресурслари баҳоланган ҳолда фойдали қазилма конларини қидириб топишга оид уларнинг истиқболларини аниқлаш мақсадида ҳудуднинг ялпи геологик ўрганиш;

қаттиқ номаъдан фойдали қазилмаларига ва қора металларга оид регионал геологик тадқиқотлар, геологик тасвирлаш, излаш ишларининг замонавий усуллари ва технологияларни жорий қилиш;

башорат-металлогеник тузилмалар, ҳудудларнинг экологик ҳолатини баҳолаш, излаш ишларини режалаштиришнинг башорат-излаш моделларини яратиш учун майда, ўрта ва йирик масштабдаги сифат жиҳатидан янги геологик негизларни тайёрлаш.

2.3. Корхона фаолияти мақсади ва асосий вазифаларга мувофиқ:

ер қаърини геологик ўрганиш соҳасида регионал тадқиқотларининг устувор йўналишларини, геологик тасвирлаш ва излаш ишларини, шунингдек мавзули, тажриба услубий ва бошқа ишларни асослаган ҳолда геология-қидирув ишларининг узоқ муддатли, ўрта муддатли ва йиллик дастурларини ишлаб чиқади ва Давгеолқўмга тақдим этади;

ўз ваколати доирасида давлат бюджети маблағлари ҳисобига геологик ўрганиши учун ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқини бериш учун асос бўладиган ер қаърини ўрганишга оид лойиҳа –смета ҳужжатларини тасдиқлайди;

ўз ваколати доирасида ер қаърини геологик ўрганишга доир ишлар натижаларини тасдиқлайди;

регионал геологик тадқиқотлар ва геологик тасвирлаш ишлари услубиётини такомиллаштириш, қаттиқ фойдали қазилма конларини башорат қилиш ва излашга доир таклифларни Давгеолқўмга киритади;

Марказий лаборатория бўлинмалари, чет ташкилотлар ва алоҳида ижрочилар билан геологик топшириқлар бўйича таҳлилий, геотехнологик, геофизик ва геокимёвий тадқиқотларни амалга оширишга оид субпудрат шартномаларини шакллантиради ва тузади ҳамда уларни бажарилишини назорат қилади;

юридик ва жисмоний шахслар, шу жумладан хорижликларнинг буюртмалари бўйича шартнома асосида ер қаърини геологик ўрганишга доир ишларни бажаради;

Корхона етакчи мутахассислардан иборат Илмий-техника кенгашини (ИТК) тузади. ИТК ҳақидаги Низом Корхона директори томонидан тасдиқланади;

қаттиқ фойдали қазилмалар ва қора металлга оид геологик хариталаш, ҳудудларнинг чуқурлигига оид геологик тузилишини ўрганиш, ўрта ва йирик масштаблардаги майдонларни геологик жиҳатдан муфассал ўрганиш, геология-қидирув ишларининг комплексига доир геологик тасвирлаш ишларини бажаради;

белгиланган тартибда ер қаърини геологик ўрганиш, фойдаланиш ва муҳофаза қилиш соҳасида ноширлик фаолиятини амалга оширади;

юридик ва жисмоний шахсларга транспорт хизматларини кўрсатади;

тузилмавий бўлинмалар томонидан ишлаб чиқаришда бехатар иш шароитлари, ёнғин хавфсизлиги, йўл ҳаракати хавфсизлиги, санитария ва экология нормалари, геология-қидирув ва ёрдамчи ишларни олиб бориш хавфсизлиги қоидаларининг белгиланган талабларига риоя этилиши таъминлайди;

ишларнинг табиий муҳитга салбий таъсирини камайтириш ва қоплашга қаратилган табиатни муҳофаза қилиш чора-тадбирларини амалга оширади;

ўзишга ишониб топширилган мулкдан самарали фойдаланиш ва сақланишни таъминлайди;

ушбу соҳада илғор тажрибадан фойдаланган ҳолда тизимли асосда геология тармоғи учун кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлашга доир ишларни амалга оширади, шунингдек республиканинг олий ва ўрта ўқув юртларига кадрлар тайёрлаш йўналишлари бўйича Давгеолқўмга таклифлар киритади;

давлат сирини ташкил этувчи махфийлик режимини ва маълумотларнинг сақланишини таъминлашга доир чор-тадбирларни амалга оширади, тижорат сирини ташкил этувчи маълумотларнинг муҳофаза қилиш таркиби, ҳажми ва тартибини белгилайди.

Корхона объектлари ва аҳолини фуқаро муҳофазаси бўйича чора-тадбирларни амалга оширади;

қонун билан таъқиқланмаган бошқа фаолият турларини амалга оширади.

2.4.Корхонанинг Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ махсус рухсатнома-лицензия талаб қилинадиган фаолият турини амалга ошириш ҳуқуқи рухсатнома олинган кундан бошлаб берилади.

3. Корхона мулки

3.1. Корхона мулки давлат мулки саналиб, бўлинмас ҳисобланади ва қўшилган ҳиссалар (улушлар, пайлар) бўйича, шу жумладан корхона ходимлари ўртасида тақсимланиши мумкин эмас. У оператив бошқариш ҳуқуқлари асосида корхонага тегишли бўлиб, унинг мустақил балансида акс эттирилади.

3.2. Қуйидагилар Корхона мулкини шакллантириш манбаи ҳисобланади:

Давгеолқўм томонидан Корхонага оператив бошқариш ҳуқуқи билан биркитилган мулк;

бюджет ҳисобидан мақсадли молиялаш, дотациялар;

Корхонанинг хўжалик фаолиятдан олган даромадлари;

заём маблағлари, шу жумладан банк ва бошқа кредит ташкилотлари кредитлари;

Ўзбекистон Республикаси қонунларига зид бўлмаган бошқа манбалар.

3.3. Корхона ҳаракатланувчи ва кўчмас мулкига қонун ҳужжатларига белгиланган тартибда, фақат мазкур Устав билан белгиланган фаолият мақсадлари, вазифаси ва турларини амалга ошириш имкониятини чегараламайдиган доирада эгалик қилади.

3.4. Корхона мулкини тасарруф этиш қуйидаги ҳолатларда Корхона директори томонидан Давгеолқўм билан келишган ҳолда амалга оширилади:

асосий воситаларни сотиш, уларни ижарага ёки гаровга топшириш;

мулкни хўжалик жамияти устав жамғармасига улуш сифатида қўшиш;

хўжалик жамиятларининг акциялари (улушлари) ни сотиб олиш;

хўжалик жамиятларидаги Корхонага тегишли акциялар (улушлари)ни сотиш;

Корхона фаолияти мақсадларига мувофиқ бўлмаган бошқача тарзда тасарруф этиш.

3.5. Корхона Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ тарзда ерга, бошқа табиий ресурсларга эгалик қилади ва фойдаланади.

4. Корхонанинг Устав жамғармаси

4.1. Корхонанинг Устав жамғармаси 3480716 минг сўм миқдорида белги-ланади.

5. Фойдани тақсимлаш.

Корхонанинг заҳира жамғармаси

5.1. Бюджетга ва бюджетдан ташқари жамғармаларга барча солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўлангандан кейин қоладиган соф фойда корхона ихтиёрида қолади ва Давгеолқўм қарорига кўра фойдаланилади.

5.2. Корхона Устав жамғармасининг 10% миқдоридаги заҳира жамғармасини ташкил этади. Корхонанинг заҳира жамғармаси унинг ихтиёрида қоладиган соф фойданинг 5% миқдорида,Уставнинг мазкур банди билан кўзда тутилган миқдорга етгунга қадар, йиллик ажратмалар ажратиш йўли билан шакллантирилади.

Заҳира жамғармаси маблағлари фақат кўзда тутилмаган харажатларни ва зарарни қоплаш учун фойдаланилади.

5.3. Корхона Давгеолқўм билан келишган ҳолда ўз ихтиёрида қолган соф фойда ҳисобига бошқа жамғармаларни ташкил этиши мумкин.

6. Корхонанинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари

6.1. Корхона ўз фаолиятини амалга ошириши учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Давгеолқўм билан келишув бўйича филиаллари ва ваколатхоналарини ташкил этиш;

Давгеолқўм розилиги билан тижорат ва нотижорат ташкилотларининг қатнашчиси(аъзоси) бўлиши мумкин, уларда ер бағрини геологик ўрганиш, фойдали қазилмаларни қазиб чиқариш ва минерал хом ашёни қайта ишлаш, халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқаришга доир ишларни бажариш учун юридик шахсларнинг иштирок этишига йўл қўйилади;

зарурат туғилган ҳолларда Давгеолқўмнинг алоҳида муҳим топшириқ-ларини бажариш учун юқори малакали мутахассислардан иборат вақтинчалик ишчи гуруҳларини ташкил этиш;

белгиланган тартибда ўзаро фойдали ташқи иқтисодий алоқаларни амалга ошириш ва ривожлантириш;

дам олиш зоналари ва болалар оромгоҳларини ташкил этиш ва сақлаш;

юридик ва жисмоний шахслар билан Ўзбекистон Республикаси қонунларига, мазкур Уставга шунингдек, Корхона фаолияти ва мақсадларига зид бўлмаган барча турдаги шартномаларни тузиш;

умумий овқатланиш (ошхоналар, емакхоналар, савдо шахобчалари) шахобчаларини ташкил этиш;

Корхонанинг моддий – техник таъминот ишларини амалга ошириш;

Давгеолқўм розилиги билан қимматбаҳо қоғозларни сотиб олиш, улар билан операциялар ўтказиш;

капитал таъмирлаш ва капитал қурилиш ишларини амалга ошириш, шу жумладан, хўжалик ҳисоби усулида ҳам, ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва реконструкция қилиш, тураржойлар ва ижтимоий – маиший мақсаддаги объектларни қуриш, ҳалқ истеъмоли товарларини ишлаб чиқариш ҳамда аҳолига пуллик хизматлар кўрсатиш;

юридик ва жисмоний шахсларга транспорт хизматларини кўрсатиш;

геология тармоғи учун ностандарт қурилмаларни; бурғулаш жиҳозларини тайёрлаш ва уларни тадбиққилиш ишларини бажариш;

хўжалик шартномалари асосида ва чет эл юридик шахсларига хизмат кўрсатиш ишлари олиб бориш;

иш ҳақини тўлашнинг мукаммал тизимларини тадбиқэтиш.

Ўзбекистон Республикаси қонунлари билан таъқиқланмаган бошқа фаолият турларини амалга ошириш.

6.2. Корхона қуйидагиларни амалга оширишга мажбур:

белгиланган шаклдаги бизнес – режаларни тасдиқлаш учун Давгеолқўмга тақдим этиш, иш ҳажмлари ва уларни бажаришга ажратилган лимитлар ўзгарганда уларга тузатишлар киритиш;

белгиланган муддатларда статистик, тезкор, муҳосиба ҳисоботларни ҳамда Давгеолқўм талаби бўйича бошқа ахборотларни тақдим этиш;

шартномаларда кўзда тутилган умумлашма кўрсаткичларни тузиш учун геология – қидирув ишлари буюртмачисига юқорида кўрсатиб ўтилган ҳисоботлар ва бошқа ахборотларни тақдим этиш;

геология – қидирув ишларини бажариш учун зарур бўлган техника, асбоб– ускуналар, аппаратуралар ва асосий технологик материалларни харид қилишга оид таклифларни киритиш;

геология-қидирув ишларига йўналтириладиган давлат маблағларидан мақсадли фойдаланишни таъминлаш.

7. Корхонани бошқариш

7.1. Корхона Давгеолқўм буйруғи билан шартнома асосида лавозимга тайинланадиган ва озод қилинадиган директор томонидан бошқарилади.

Директорнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари Ўзбекистон Республикаси меҳнат қонунлари, мазкур Устав, шунингдек, Давгеолқўм билан тузиладиган меҳнат шартномаси билан тартибга солинади.

7.2. Директор Корхонанинг ягона ижро қилувчи органи ҳисобланади ва Корхона олдига қўйилган вазифаларни бажарилишини ташкил қилади, ишончномаларсиз Корхона номидан ҳаракат қилади, шу жумладан унинг манфаатларини ифода этади, белгиланган тартибда Корхона номидан битимлар тузади.

Корхона директори Давгеолқўм буйруғи билан тайинланадиган ўринбосарларига эга. Ўринбосарларининг ваколати Корхона директори томонидан белгиланади.

7.3. Меҳнат шартномаси асосида Корхона ходимлари ва директорининг юзага келадиган ўзаро муносабатлари Ўзбекистон Республикасининг меҳнат қонунчилигига ва жамоа шартномасига мувофиқ тартибга солинади.

8. Корхона раҳбарининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги

8.1. Корхона директори:

ўз ваколати доирасида Корхона мулкига эгалик қилади, шартномалар тузади, шу жумладан меҳнат шартномалари, қонун билан белгиланган тартибда ишончномалар беради;

банкларда ҳисоб – китоб ва бошқа ҳисобларни очади;

маблағларни идора қилиш ҳуқуқидан фойдаланади;

Корхона ходимларининг штат бўйича сони ва уларнинг иш ҳақи миқдорларини Давгеолқўм билан келишган ҳолда тасдиқлайди;

буйруқлар, фармойишлар чиқаради;

Корхонанинг ички ҳужжатларини тасдиқлайди, бажарилиши Корхонанинг барча ходимлари учун шарт бўлган кўрсатмалар беради;

Давгеолқўм билан келишган ҳолда тузилмавий бўлинмалар раҳбарларини тайинлайди ва лавозимидан озод этади;

Давгеолқўмга директор ўринбосари лавозимига тайинлаш учун номзодларни тақдим этади;

ўз ходимларини ижтимоий кафолатланган иш шароитларини ва ижтимоий ҳимояга оид чора – тадбирларни таъминлайди, ишлаб топилган маблағлари доирасида бошқа ижтимоий имтиёзларни белгилайди;

қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади;

8.2. Корхона директори ҳар чоракда Давгеолқўм ҳайъати кенгашларида Корхона фаолияти тўғрисида ҳисоб беради.

8.3. Корхона директори ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини амалга оширишда Корхона манфаатлари йўлида ҳаракат қилади ҳамда қонун билан белгиланган тартибда қуйидагилар учун жавоб беради:

бюджет ва бюджетдан ташқари жамғармаларга тўловларни ўз вақтида ўтказилишига;

иш ҳақининг ўз вақтида тўланишига;

меҳнат ҳуқуқлари ва муносабатларидан ҳамда уларга тенглаштирилган тўловлардан келиб чиқадиган барча талабларнинг қондирилишига;

ишлаб чиқариш фаолияти билан бевосита боғлиқ бўлган эхтиёжлар учун пул маблағларининг ўтказилмаганлигига;

Корхона ходимларига ишлаб чиқаришда баҳтсиз ҳодиса натижасида зарар етказилишига;

ўзининг ҳаракати (ҳаракатсизлиги) туфайли, шу жумладан Корхонага берилган давлат мулки йўқолган тақдирда Корхонага етказилган зарарлар.

9 . Корхонанинг филиаллари ва ваколатхоналари

9.1. Корхона Давгеолқўм билан келишув бўйича юридик шаҳс ҳисобланмайдиган ҳамда уларнинг алоҳида балансида ва Корхона балансида ҳисобга олинадиган мол – мулкларини берган ҳолда ваколатхоналарни, филиалларини ва бошқа алоҳида бўлинмаларини очиши мумкин.

9.2. Ваколатхоналар, филиаллар ва бошқа алоҳида бўлинмалар Корхона томонидан тасдиқланган низомлар асосида Корхона номидан фаолият юритади.

Корхона таркибига хўжалик ҳисоби асосларида фаолият юритадиган ва улар тўғрисида Корхона томонидан тасдиқланган Низомларга мувофиқ ўз фаолиятини амалга оширадиган тузилмавий бўлинмалар киради.

9.3. Филиал ёки тузилмавий бўлинмалар раҳбарлари Давгеолқўм билан келишув бўйича Корхона раҳбари томонидан тайинланади ва унинг ишончномаси асосида фаолият юритади. Филиал ёки тузилмавий бўлинма раҳбари билан меҳнат шартномаси бекор қилинган ҳолларда ишончнома Корхона раҳбари томонидан бекор қилиниши керак.

9.4. Корхона бошқа давлат корхонасининг муассиси бўлиш ҳуқуқига эга эмас.

10. Корхонанинг жавобгарлиги

10.1. Корхона ўз мажбуриятлари бўйича ўзига тегишли мулк билан жавоб беради. Корхона мулки етарли бўлмаганда Давгеолқўм корхонанинг мажбури-ятлари бўйича субсидиар тартибда жавоб беради.

10.2. Корхона Давгеолқўмнинг мажбуриятлари бўйича жавоб бермайди.

10.3. Филиаллар ва тузилмавий бўлинмалар мажбуриятлари бўйича уларни ташкил этган Корхона жавоб беради.

11. Корхона фаолиятини назорат қилиш

11.1. Корхона ҳисобот даври тугагач, ваколатли органларга молиявий ҳисоботни ва рўйхати қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа ҳужжатларни тақдим этади ҳамда ҳужжатларнинг сақланиши ва уларнинг белгиланган тартибда давлат томонидан сақлашга берилиши учун жавоб беради.

Корхона Давгеолқўмга у томонидан белгиланган шаклда ва тартибда асосий ишлаб чиқариш – хўжалик фаолияти бўйича йиллик ҳисоботларни тақдим этади.

11.2. Корхона фаолиятини хўжалик юритувчи орган сифатида назорат қилиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Давгеолқўм ва бошқа ваколатли органлар томонидан амалга оширилади.

12. Корхонани қайта ташкил этиш ва тугатиш

12.1. Корхона Давгеолқўм қарорига кўра тегишли равишда Давлат мулки қўмитаси ёки унинг ҳудудий бошқармаси билан келишган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ёҳуд суд қарорига биноан қайта ташкил этилади (қўшилади, бўлинади, ажратилади, қайта ташкил қилинади) ва тугатилади.

13. Уставга ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш

13.1. Давгеолқўм буйруғига биноан КорхонаУставига ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилади.

13.2. Уставга ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритишда Корхона Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва муддатларда бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитасининг ҳудудий бошқармасига ҳабар қилган ҳолда уларни Уставни рўйхатдан ўтказган идорага тақдим этиши лозим.

Govuz